Welcome to Наманган Ҳудудий Электр Тармоқлари Корхонаси   Tinglash uchun bosing Welcome to Наманган Ҳудудий Электр Тармоқлари Корхонаси Powered GSpeech
Виртуал қабулхона

Бир дарча

Тадбиркорлик субъектларининг электр қурилмаларини электр тармоқларига "бир дарча" тамойили бўйича улаш тартиби тўғрисидаги НИЗОМДАН ҚЎЧИРМА

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги ПФ-4455-сон "Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 29-сон, 328-модда) мувофиқ, тадбиркорлик субъектларининг, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсади бўлган жисмоний шахсларнинг (бундан буён матнда истеъмолчилар деб юритилади) электр қурилмаларини электр тармоқларига "бир дарча" тамойили бўйича улаш тартибини белгилайди.

ТЕХНИК ШАРТЛАРНИ БЕРИШ

Истеъмолчилар янги ёки қўшимча электр қурилмалари қувватларини ишга туширишдан олдин техник шартларни олишга мажбурдирлар.

Техник шартлар истеъмолчининг ёки туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими)нинг ёхуд лойиҳа ташкилотининг талабномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида берилади.

Техник шартларнинг берилиши бепул амалга оширилади.

Истеъмолчи талабномани тақдим этиш вақтида Лойиҳа ишларини "Бир дарча" хизмати орқали амалга ошириш истагини билдирган тақдирда, унга талабнома берилган кундан эътиборан беш иш кунидан ошмаган муддатда техник шартларни бериш билан бир вақтда лойиҳа ташкилотларининг Лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича шартномалар лойиҳалари тақдим этилади.

Техник шартларни олиш учун талабнома тармоқларига истеъмолчи электр қурилмалари уланиши мўлжалланаётган электр таъминоти корхонасининг "Бир дарча" хизматига тақдим этилади.

Талабномани қабул қилиш вақтида "Бир дарча" хизмати томонидан истеъмолчига қуйидагилар тушунтириб ўтилиши лозим:

- истеъмолчиларда "Бир дарча" хизмати орқали техник шартларни олиш билан бир вақтда Лойиҳа ва пудрат ишларини амалга ошириш имкони мавжудлиги;

- Лойиҳа ва пудрат ишларини амалга оширишда "Бир дарча" хизмати таклиф этган лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг шартлари маъқул келмаганда истеъмолчиларнинг ўзлари бошқа бир лойиҳа ва пудрат ташкилотлари билан ишлар амалга оширилиши ташкиллаштирилишини талаб қилиши мумкинлиги;

- истеъмолчилар Лойиҳа ва пудрат ишларининг "Бир дарча" хизмати орқали амалга оширилишини рад этадиган бўлсалар, техник шартларни олишлари ва ушбу ишларни мустақил тарзда амалга оширишлари мумкинлиги;

- электр қурилмаларининг электр тармоқларига "бир дарча" тамойили бўйича уланиш тартиби.

Техник шартларни олиш учун талабномада истеъмолчининг электр қурилмаларини тавсифловчи қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

- умумий сўралган электр қувватининг миқдори;

- электр таъминотининг ишончлилиги бўйича тоифаси;

- объектнинг ўрнашган жойи (аҳоли истиқомат қилиш пунктлари билан боғланган картографик материаллар илова қилинган ҳолда);

электр қурилмаларини эксплуатацияга тушириш муддатлари.

"Бир дарча" хизмати талабнома келиб тушган куннинг ўзида унинг рўйхатга олинишини ва техник шартларни ишлаб чиқиш учун тегишлилигига кўра электр таъминоти корхонасига ёки ҳудудий электр тармоқлари корхонасига тақдим этилишини таъминлайди.

Тегишли электр таъминоти корхонаси ёки ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан талабнома келиб тушгандан бошлаб истеъмолчига техник шартларнинг берилиш муддати инобатга олинган ҳолда кўриб чиқилиб, техник шартлар расмийлаштирилади ва "Бир дарча" хизматига тақдим этилади.

Техник шартлар туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими)нинг ёки лойиҳа ташкилотининг талабномаси бўйича расмийлаштирилган ҳолларда, улар "Бир дарча" хизмати орқали бевосита туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими)га ёки лойиҳа ташкилотига тақдим этилади.

Техник шартлар имкон қадар яқин жойлашган ишлаб турган электр тармоқларидан, тармоқларнинг ва электр қурилмаларининг юкламасини ҳисобга олган ҳолда берилади.

Қўшимча қувватни улаш билан боғлиқ бўлмаган ва ишлаб турган электр тармоқларини реконструкция қилиш бўйича асосланмаган талабларни техник шартларга киритиш тақиқланади.

Қўшимча қувватни улаш билан боғлиқ бўлган ишлаб турган электр тармоқларини реконструкция қилиш (трансформаторни, симларни, кабелларни ва бошқаларни алмаштириш) зарурияти техник ҳисоб-китобларга асосан Лойиҳа билан аниқланади.

Истеъмолчининг электр қувватининг уланиши қўшни ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан келишиш заруратини туғдирса, ушбу келишув техник шартларни бераётган тегишли ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан истеъмолчини жалб этмаган ҳолда амалга оширилади.

ЛОЙИҲАНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА УНИ КЕЛИШИШ

Истеъмолчи "Бир дарча" хизмати таклиф этган ёки унинг ўзи танлаган лойиҳа ташкилотларининг Лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича шартнома лойиҳалари билан хизмат томонидан таништирилади.

Истеъмолчи тақдим этилган шартномалар лойиҳаларининг шартларига рози бўлмаган тақдирда, Лойиҳа ишлаб чиқилишини амалга ошириш учун бошқа лойиҳа ташкилотлари билан мустақил равишда шартнома тузиш ҳуқуқига эга. Бунда "Бир дарча" хизмати томонидан истеъмолчига техник шартлар тақдим этилади.

Истеъмолчи "Бир дарча" хизмати томонидан тақдим этилган Лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича шартнома лойиҳасини имзолаган тақдирда, "Бир дарча" хизмати бир иш куни давомида тегишли лойиҳа ташкилотига Лойиҳа ишлаб чиқилиши учун техник шартларни ва расмийлаштирилган шартномани юборади.

Лойиҳани ишлаб чиқиш қуйидаги муддатларда амалга оширилиши лозим:

- кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтдан юқори бўлган электр қурилмалар учун - шартномада белгиланган тегишли тўлов истеъмолчи томонидан амалга оширилган кундан бошлаб 15 кунгача;

- кучланиши 6 - 10 кВ бўлган электр қурилмалари учун - шартномада белгиланган тегишли тўлов истеъмолчи томонидан амалга оширилган кундан бошлаб 20 кунгача;

- кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмалари учун - шартномага мувофиқ.

Лойиҳа, уни ишлаб чиққан лойиҳа ташкилоти томонидан ҳудудий электр таъминоти корхонаси ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилиши лозим.

Истеъмолчиларнинг кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтгача бўлган электр қурилмалари учун ҳисоб-монтаж схемаси Лойиҳа бўлиб ҳисобланади ва у ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳамда "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилмайди.

Бунда ҳисоб-монтаж схемаси электр таъминоти шартномасига илова қилинади.

Қуйидаги ҳолларда қўшимча техник шартлар олиниши ва Лойиҳа ишлаб чиқилиши шарт:

- истеъмолчининг электр қурилмаларининг умумий қувватини ошириш талаб этилса;

- истеъмолчининг электр таъминотининг ишончлилиги бўйича тоифасини ўзгартириш керак бўлса;

- истеъмолчининг ташқи электр таъминоти схемасини ўзгартириш талаб этилса.

Бунда истеъмолчи электр қурилмаларининг умумий қуввати унинг аввал уланган қувватини ҳисобга олган ҳолда 10 кВтдан ошган тақдирда Лойиҳа ишлаб чиқилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда келишилади.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси томонидан Лойиҳанинг келишуви ҳақ олинмасдан ва истеъмолчи жалб қилинмасдан амалга оширилади. Бунда Лойиҳани кўриб чиқиш ва келишиш муддати у тақдим этилган кундан бошлаб қуйидаги муддатлардан ошмаган ҳолда амалга оширилади:

- кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтдан юқори бўлган электр қурилмалари учун - 3 кундан;

- кучланиши 6 - 10 кВ бўлган электр қурилмалари учун - 5 кундан;

- кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмалари учун - 7 кундан.

Лойиҳа келишилгандан сўнг бир иш куни давомида тегишли лойиҳа ташкилоти уни "Бир дарча" хизматига келишув ҳужжатлари билан бирга тақдим этади.

ПУДРАТ ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

Келишилган Лойиҳа олингандан сўнг бир иш куни давомида пудрат ишлари амалга оширилиши учун истеъмолчи "Бир дарча" хизмати томонидан таклиф этилган ёки истеъмолчининг ўзи танлаган пудрат ташкилотлари билан шартнома тузилишига рози бўлган тақдирда, шартнома тузиш учун "Бир дарча" хизмати Лойиҳани тегишли пудрат ташкилотларига юборади.

Ўз навбатида ушбу пудрат ташкилотлари келишилган Лойиҳага асосан икки иш куни давомида пудрат ишларини амалга ошириш шартномалари лойиҳаларини тузади ва уни "Бир дарча" хизматига тақдим этади.

"Бир дарча" хизмати истеъмолчини пудрат ташкилотларининг пудрат ишларини амалга ошириш бўйича таклиф этган шартномалари лойиҳалари билан таништиради.

Истеъмолчи тақдим этилган шартномалар лойиҳаларининг шартларига рози бўлмаган тақдирда, пудрат ишларини амалга ошириш учун бошқа пудрат ташкилотлари билан мустақил равишда шартнома тузиш ҳуқуқига эга. Бунда "Бир дарча" хизмати томонидан истеъмолчига техник шартлар ва келишилган Лойиҳа тақдим этилади.

Истеъмолчи "Бир дарча" хизмати томонидан тақдим этилган пудрат ишларини амалга ошириш бўйича шартномани имзолаган тақдирда, "Бир дарча" хизмати бир иш куни давомида тегишли пудрат ташкилотига келишилган Лойиҳани ва расмийлаштирилган шартномани юборади.

Пудрат ташкилоти томонидан қуйидагиларнинг таъминланиши истеъмолчи билан тузиладиган шартноманинг мажбурий шартлари ҳисобланади:

- пудрат ишларини амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган рухсатномаларни олиш;

- электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ҳамда уларни электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига улашгача бўлган ишларни амалга ошириш.

Пудрат ишлари қуйидаги муддатларда амалга оширилиши лозим:

- кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтдан юқори бўлган электр қурилмалари учун - шартномада белгиланган тегишли тўлов истеъмолчи томонидан амалга оширилган кундан, шунингдек шартнома шартларига кўра пудрат ишлари учун керакли материаллар истеъмолчи томонидан етказиб берилиши назарда тутилган бўлса, улар етказиб берилган кундан бошлаб 15 кунгача;

- кучланиши 6 - 10 кВ бўлган электр қурилмалари учун - шартномада белгиланган тегишли тўлов истеъмолчи томонидан амалга оширилган кундан, шунингдек шартнома шартларига кўра пудрат ишлари учун керакли материаллар истеъмолчи томонидан етказиб берилиши назарда тутилган бўлса, улар етказиб берилган кундан бошлаб 30 кунгача;

- кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмалари учун - шартномага мувофиқ.

Кучланиши 1 кВгача бўлган ташқи электр таъминоти бўйича пудрат ишлари электр таъминоти корхонаси томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Электр қурилмаларини кўрикдан ўтказиб, эксплуатация қилишга рухсат бериш тўғрисида тегишли далолатномани расмийлаштириш инспектор томонидан "Бир дарча" хизмати хабар берган вақтдан бошлаб уч иш куни мобайнида истеъмолчи (ёки унинг вакили) ҳамда пудрат ташкилотининг ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакиллари иштирокида амалга оширилади.

Истеъмолчиларнинг кучланиши 1 кВгача ва қуввати 10 кВтгача бўлган электр қурилмаларини электр тармоқларига улашда инспектор томонидан электр қурилмаларини эксплуатацияга қабул қилиш кўриги ўтказилмайди ва электр қурилмаларини эксплуатация қилишга рухсат бериш тўғрисидаги далолатнома талаб этилмайди.

Истеъмолчининг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш ишлари амалга оширилган куни "Бир дарча" хизмати томонидан унга бир нусхадан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

- техник шартлар;

- Лойиҳа;

- ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш наряди;

- электр таъминоти шартномаси.

ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзбекэнерго" АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
Низомнинг тўлиқ матни билан танишиш учун: PDF файлни юклаб олиш

Фойдали сайтлар

gov.uz csm.gov.uz uzbekenergo.uz
my.gov.uz uzse namangan.uz energonazorat.uz
Tinglash uchun bosing Powered GSpeech